28 июль куни Вена шаҳрида АҚШ ва Россия ўртасида ядровий қуроллар назорати бўйича музокаралар бошланади.Ўтган ойда музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтган, унда АҚШ ва Россия вакиллари стратегик ядровий қуролларга чеклов қўювчи New START шартномасини муҳокама қилган эди.
2010 йили имзоланган New START шартномаси 2021 йилнинг февралида ўз кучини йўқотади.
22-23 июнь кунлари Венада бўлиб ўтган дастлабки музокаралар ортидан Вашингтон музокарачиси Маршалл Биллингсли Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков билан музокараларда сезиларли силжишлар кузатилганини айтган эди. Жумладан, Биллингсли томонлар янги шартномани ишлаб чиқиш учун бир неча техник гуруҳларни ташкил этишга келишиб олганини айтган.
27 июль куни эса АҚШ ва Россия расмийлари учрашиб, етти йилда илк маротаба фазо хавфсизлигини муҳокама қилди.
АҚШ фазода масъулиятли фаолият юритиш қоидаларини ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда. Бундай қоидалар ҳарбий фаолиятга доир мавжуд қонунлар ҳамда инсонпарварлик принциплари асосида тузилади.
Россия ва Хитой эса фазода ҳарбий қуроллардан фойдаланишни ман этувчи халқаро келишувни имзолашга чорлаб келади.
АҚШ давлат котибининг халқаро хавфсизлик ва қуроллар тарқалиши олдини олиш масалалари бўйича ўринбосари Кристофер Форд ўтказилган учрашув «фазода хавфсизлик ва барқарорликни ошириш йўлларини кўриб чиқишга имкон беришига ҳамда масъулиятли фаолият нормаларини ишлаб чиқиш сари элтишига умид қилишини» айтди.
Шунингдек, Форд Москва ва Пекин фазони аллақачон «уруш саҳнасига айлантирганини» таъкидлади.
АҚШ ва Британияни Россияни 15 июль куни сунъий йўлдошларга қарши қуролни синовдан ўтказишда айблаб келади.
Москва эса бу айбловларни рад этиб, амалиёт давомида бир йўлдош иккинчисини текширганини билдирди.
ТАСС агентлигининг хабар қилишича, Вашингтон ва Лондон айбловлари ортидан Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков шундай деган:
- Россия фазони тўлиқ қуролсизлантириш ҳамда фазода ҳар қандай қурол ишлатилишини тақиқлашни қўллаб келади, шундай қилишда давом этади.
Аммо АҚШ ва Британия ҳарбийлари 15 июнь кун ўтказилган синов давомида ўқ узилганини айтмоқда.
Форднинг сўзларига кўра, Россия биринчи марта бундай синов ўтказаётгани йўқ: Москва 2017 йилда ҳам худди шундай синов ўтказган.