Беларус президенти Александр Лукашенка коронавирус хасталигини бошдан кечирганини билдирди. Лукашенкага кўра, у хасталикни “оёқда” ўтказган. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлигихабар қилди.
“Энг қизиғи, сиз бугун коронавирусни оёқда ўтказишни уддалаган киши билан учрашиб турибсиз. Врачлар кеча шунақа хулоса қилишди. Белгисизмиш”, деди Лукашенка сешанба куни Беларус ИИВ ички қўшинлар ҳарбий қисмига ташрифи чоғида.
Унга кўра, республика аҳолисининг 97 фоизи COVID-19 ни белгисиз бошдан кечирмоқда.
Пандемия бошида Беларус президенти коронавирус мавжудлигини инкор қилган ва эпидемия тарқалишига қарши одамларни изоляция қилиш чорасини танқид қилган. Беларус Европадаги карантин чоралари киритилмаган ва ҳатто оммавий тадбирлар бекор қилинмаган оз сонли мамлакатлардан бири бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, пандемия бошидан бери Беларусда 67 мингдан зиёд киши инфекцияга чалинган, 60 мингдан зиёд одам соғайган, 543 нафар бемор вафот этган.