Ўзбекистонда карантин даврида бирор-бир эҳтиёжманд оила эътибордан четда қолмаслиги, кам таъминланган аҳоли қатламига моддий ёрдам, озиқ-овқат ва дори-дармонларни манзилли етказиб бериш тизими “соат”дай аниқ ишлаши керак. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 28 июль куни ҳудудларда коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилган.
“Ҳозирги шароитда касалларни даволашга ҳам, иқтисодиётни ишлатишга ҳам мажбур ва масъулмиз. Шунинг учун аҳоли саломатлигини сақлаш, айни пайтда темир интизом билан ҳамма ишларни давом эттиришимиз керак”, деган Ш. Мирзиёев.
Йиғилишда охирги беш кунда Ўзбекистонда инфекция юқтирганлар сони 3 минг нафарга кўпайгани, жумладан, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё ва Андижон вилоятларида янги касалланганлар аниқлангани, Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Наманган, Тошкент, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистонда пневмония ҳолатлари анча кўпайгани қайд этилган.
Ёш болалар, ҳомиладор аёллар, кексалар, ногиронлиги ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар саломатлиги устидан тизимли мониторинг олиб бориш муҳимлиги белгиланган.
Ўзбекистон президенти ҳокимларга ўз ҳудудидаги реал вазиятдан келиб чиқиб, аниқ чоралар кўриш бўйича топшириқлар берган. Шу билан бирга, у тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, 65 ёшдан ошганлар зарурат бўлмаса уйдан чиқмаслиги қоидаларига қатъий риоя қилишининг аҳамиятини қайд этган.
Ҳокимлар ва сектор раҳбарлари қатнашган видеоселектор йиғилишида экспорт ва инвестиция масалалари, бюджет тушумлари прогнозининг бажарилиши, ғўза парвариши ва экинларни суғориш ишларининг бориши ҳам кўриб чиқилган ва мазкур масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилган.