Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида жойлашган корхоналардан бирининг омборхонасида дизель ёқилғиси билан тўлдирилган цистерна портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳатланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, ҳодиса 28 июль куни соат 22:00 лар атрофида содир бўлган. 39 ёшли К. И. ичида солярка бўлган 10 тоннали цистернани пайвандлашга уринган, пировардида у портлаган. Портлаш оқибатида К. А. исмли шахс вафот этган, унинг ёнида турган П. К. эса куйиш ташхиси билан туман касалхонасига етказилган.
ФВВ ҳодисага “техника хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши” сабаб бўлганини қайд этган. Портлаш натижасида чиққан ёнғин туфайли цистерна ёнида турган Isuzu русумли юк автомобили ҳам куйиб кетган.
Портлашдан бир неча дақиқа ўтгач, ҳодиса жойига етиб келган Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ўт ўчириш-қутқариш экипажлари ёнғинни тезкорлик билан сўндирган.