Президентнинг бозорқўм қариндоши коронавирусдан вафот этди

Даштобод бозорқўми Нўъмон Эгамбердиев (чапдан иккинчи) Зомин тумани ҳокимлиги ахборот хизмати сурати.

Жиззах вилоят, Зомин туман, Даштобод шаҳарчасидаги деҳқон бозори директори, президент Мирзиёевнинг тоғаваччаси, 69 яшар Нўъмон Эгамбердиев 27 июль куни коронавирусдан Тошкентда вафот этди.

Марҳумнинг маҳалладошларининг айтишича, бозорқўм бир ой муқаддам неварасини унаштириш тўйини ўтказганидан сўнг касал бўлиб қолган. Бозорқўмга вирус юққани аниқланганидан сўнг, у уйида муолажа олган, лекин аҳволи оғирлашгандан сўнг Тошкентдаги касалхоналардан бирига жойлаштирилган эди.

Озодлик суҳбатлашган Нўъмон Эгамбердиевнинг ўғлининг синфдоши ва Зомин туман тиббиёт бирлашмасининг мулозими марҳумнинг коронавирусдан вафот этганини ва Шавкат Мирзиёевнинг қариндоши эканлигини тасдиқлади.

Даштобод деҳқон бозори

Даштобод шаҳарчасидаги бозорқўм яшаган Беруний маҳалласининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бирининг айтишича, марҳум Нўъмон Эгамбердиев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг отасининг тоғаси ўғли бўлади:

Карантин пайти бўлса ҳам меҳмонлар 200 кишидан ортиб кетди.

“Раҳматли Нўъмон ака президентимизнинг отасининг тоғасини ўғли эди. 69 ёшга кирган бўлса ҳам ёш кўринарди. Бир ойча аввал неварасини Тошкентдаги куёвга унаштириш маросимини ўтказди. Катта одам эмасми, карантин пайти бўлса ҳам меҳмонлар 200 кишидан ортиб кетди. Пойтахтдан ҳам анча меҳмон келди. Айтишларича, вирус тошкентлик меҳмонлардан юққан эмиш. Ўғлига ҳам юққан экан, у яхши бўлиб кетди, лекин ўзининг организми дош беролмади”.

Зомин туман тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолишини сўраган врачларидан бири, тест натижалари бўйича бозорқўм ва унинг ўғли вирусга чалинганини тасдиқлар экан, улар аввал уйида даволанганини айтди:

Унга укол қилган бир фельдшер ҳам вирус юқтириб олди.

“Шу пайтгача бизнинг туман яшил зона бўлиб, вирус келмаган эди. Шу тўйдан кейин олинган тест натижаларига кўра, бир неча кишида вирус аниқланган. Бозорқўм касалхонага ётмай уйида даволанди, унга укол қилган бир фельдшер ҳам вирус юқтириб олди. Бошқа бир ҳамширамиз ҳам уйига бориб укол қилиб турарди, лекин унга юқмабди. Ўғли ҳам вирус юқтирган, лекин организм ёш бўлгани учун яхши бўлиб кетди. Кеча жанозада ҳам қатнашди”.

Врачнинг айтишича, марҳумни дафн қилиш маросими карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда, жуда оз киши билан ўтказилган.

Врач президентнинг тоғаси таъзиясига келган-келмаганидан хабари йўқлигини айтди.

Нўъмон Эгамбердиевнинг президентга қариндош эканлигини унинг ўғлининг исми сир қолишини сўраган синфдоши ҳам тасдиқлади:

"Даштобод кичик бир шаҳарча, деярли ҳамма бир-бирини танийди. Раҳматли Нўъмон ака президентга сал узоқроқ қариндош бўлади. Мирзиёевнинг дадасининг тоғаси ўғли. Бизда тоғанинг ўғилларини ҳам тоға дейишади. У кишининг Расул деган бир укалари бозорда тадбиркор, яна пенсияда Райим деган акалари бор. Президентнинг яна бир Икром деган бўласи, яъни холаваччаси ветеринария бўлими бошлиғи. Уларнинг Шавкат Мирзиёев билан борди-келдилари қандайлигини билмайману, лекин Нўъмон ака йигирма йилдан ортиқ бозорқўм эди. Буларнинг қариндошчилигини бутун Зомин билади".

Озодлик суҳбатлашган, даштободлик врач ҳам Нўъмон Эгамбердиевнинг Мирзиёевлар қариндоши эканини тасдиқлади.

Озодликда Шавкат Мирзиёев ва Нўъмон Эгамбердиевнинг қариндош эканлигини тасдиқловчи ҳужжат йўқ.