Молия вазирлиги: Халқаро молия ташкилотларидан 1 млрд доллардан кўпроқ қарз олинди

Ўзбекистон коронавирус эпидемиясига қарши курашиш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби халқаро молия ташкилотларидан 1 миллиард доллардан кўпроқ кредит олган. Бу ҳақда Молия вазирлиги Давлат ички ва ташқи қарз департаменти директори Жасур Қаршибоев маълум қилган.

Мулозимга кўра, хусусан, Жаҳон банки томонидан Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси (2-транш) юзасидан қўшимча молиялаштириш сифатида 200 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредит 30 йил муддатга (шундан, 5 йил имтиёзли давр) 1,2 фоиз ўзгарувчан ставкада ажратилган.

Халқаро валюта жамғармаси эса Ўзбекистон иқтисодиётига коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида 375 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит маблағлари ажратган. Имтиёзли кредитлар ўз ичига, Жасур Қаршибоевга кўра, 10 йил муддатга 125 миллион АҚШ долларига тенг фоизсиз тезкор кредитлаш линияси ва 5 йил муддатга 250 миллион АҚШ доллари 1,05 фоиз ўзгарувчан ставкадаги тезкор молиялаштириш инструментини олади.

Айни пайтда Осиё тараққиёт банки томонидан 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бюджетни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит 15 йилга 0,84 фоиз ўзгарувчан ставкада ажратилган.