Бишкекдаги 47-колонияда оламдан ўтган Азимжон Асқаровнинг рафиқаси, ўғли ва бошқа оила аъзоларининг ҳуқуқ фаолини Ўзбекистон ҳудудида дафн этишга оид мурожаатига биноан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон томони билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказган. Ўзаро музокаралар натижасига мувофиқ, А. Асқаров оила аъзоларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг талабларини қаноатлантириш юзасидан келишувга эришилган. Бу ҳақда davletovuz Телеграм-канали маълум қилди.
Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 69 ёшли ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 25 июль куни 47-колонияда вафот этган. Жазони ўташ давлат хизмати у 24 июль куни “ўнг томон пневмонияси” ташхиси билан 19-колониядан олиб келинганини маълум қилган.
Ҳуқуқ фаолининг жасади 30 июль куни рафиқаси Хадича Асқаровага топширилган ва майит ортилган микроавтобус кеча Ўш томон йўлга чиққан.
Озодликнинг Ўшдаги мухбири хабарига кўра, 31 июль куни эрталаб Азимжон Асқаровнинг жасади яқинлари ҳамроҳлигида ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстлик” назорат-ўтказиш маскани орқали Ўзбекистон ҳудудига ўтказилган.
Дастлабки маълумотларга мувофиқ, марҳум ҳуқуқ фаоли Тошкент вилоятида дафн этилади.
Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган. 2010 йил июнь воқеаларидан кейин у тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб, қўлга олинган. Барча суд инстанциялари қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
А.Асқаровнинг вафотидан сўнг қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистон расмийлари номига танқидий фикрлар билдириб, унинг ўлими билан боғлиқ вазият юзасидан суриштирув ўтказишга чақирган.