Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов томонидан тез тиббий ёрдам бригадалари ходимлари учун 100 млрд сўм (10 млн АҚШ доллари эквивалентида) миқдорида ҳомийлик хайрияси ажратилди. Бу ҳақда ЎзА агентлиги ўз Телеграм-канали орқали хабар қилган.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти томонидан 30 июль куни имзоланган фармонга мувофиқ, “тез ёрдам” ходимларига (врач, фельдшер, санитар ва ҳайдовчилар) бир марталик пул мукофоти бериш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши ҳақида маълум қилинганди.
Айни пайтда ҳукуматнинг 30 июлда қабул қилинган 458-сонли қарорида ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш учун жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларига бир марталик моддий рағбатлантириш тўловлари берилиши қайд этилган. Қарорга биноан “тез ёрдам” врачларига 5 млн сўмдан, ўрта тиббиёт ходимларига (фельдшер ва санитарлар) 4 млн сўмдан, ҳайдовчиларга эса 3 млн сўмдан бериш кўзда тутилган.