Жорий йилнинг 30 июль куни ўн минглаб одам мухолифатнинг сайловолди кампанияси бошидан бери Беларусда уюштирилган энг йирик митингига чиқди.
“Вясна” инсон ҳуқуқлари маркази маълумотларига кўра, Минскда пайшанба куни бўлиб ўтган митингда камида 63 минг киши иштирок этган. Улар президентликка номзоди қайд этилган Светлана Тихановскаяни қўллаб чиқишган.
Оммавий намойиш сўнгги ойларда президент Александр Лукашенка ҳукмронлигидан ижтимоий норозилик ошиб бораётгани қабатида бўлиб ўтган.
Минскдаги митингда Тихановская мухолифат инқилоб қилишни эмас, балки “сайлов ҳалол ўтказилиши”ни истаётганини билдирди.
Беларусни 1994 йилдан (26 йилдан) бери бошқариб келаётган Лукашенко олтинчи муддатга президентликка ўз номзодини қўйган.
Тихановская сайлов иштирок этишга турмуш ўртоғи – таниқли видеоблогер Сергей Тихановский қамоққа ташланганидан кейин қарор қилганини айтмоқда. Аввалроқ Сергей Тихановский президентликка ўз номзодини қўймоқчи эканини билдирган.
Беларусда президент сайлови шу йил 9 августига белгиланган.