Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни Нукус шаҳрига йўл олди.
Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақда хабар қилинганидан бир кун ўтиб амалга ошмоқда.
31 июль куни Ерниязов вафот этган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 73 ёшли Муса Ерниязов 24 июнь куни Covid-19 инфекциясини юқтиргани, бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилган.
Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси хотирасисга таъзия маросимида қатнашиши кутиляпти.
Муса Ерниязов 2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Қорақалпоғистон раҳбарининг ўрнига ким вақтинча тайинлангани ҳозирча эълон қилингани йўқ.