Коронавирусга чалингач 31 июль куни вафот этган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов Нукус шаҳридаги "Шорша баба" қабристонига дафн этилди.
Минглаб қорақалпоғистонлик, ҳукумат вакиллари, марҳум яқинлари, Ерниязовни сўнгги йўлга кузатган.
1 август куни Нукусга борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ерниязов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилинишини таъкидлади.
"Бу ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз. Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади", деган Мирзиёев.
Муса Ерниязов 2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Қорақалпоғистон раҳбарининг ўрнига ким вақтинча тайинлангани ҳозирча эълон қилингани йўқ.