Давстатқўм: Июль ойида нархлар 0,3 фоизга пасайди

Жорий йилнинг июль ойда истеъмол нархлари ва тарифлари даражаси ўртача 0,3 фоизга пасайган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг куни кеча ёйинланган ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, нархлар пасайишига бозорларнинг мева-сабзавот ҳосили билан тўйингани сабаб бўлган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари 1,3 фоизга арзонлаган, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи эса 0,5 фоизга қимматлаган. Хизматлар ҳам 0,4 фоизга қимматлаган, айниқса транспорт ва тиббий хизматлар учун тўланадиган ҳақ ошгани айтилмоқда.

Йил бошидан буён нархлар ва тарифлар ўртача 4,3 фоизга (озиқ-овқат маҳсулотлари 4,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 4,1 фоизга, хизматлари эса 3,6 фоизга) ошган.

Ўтган бир йил ичида эса ўртача нарх ошиши 14,4 фоизни ташкил қилган.

Умумий овқатланиш соҳасида нархлар ўтган бир ой ичида деярли ўзгарган эмас. Йил бошидан бери эса бу соҳада нархлар 6,2 фоизга ошганди.