Польшанинг рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси “Шимолий оқим-2” лойиҳаси ҳақида маълумотлар тақдим этгани учун “Газпром”ни жаримага тортди. Польша аксилмонополия муассасасининг маълум қилишича, жарима суммаси 213 миллион злотий бўлиб, бу 50 миллион еврога тенг келади.
Жарима солинишига “Газпром”нинг Россия корпорацияси шўъба ширкати бўлган Nord Stream 2 томонидан газ қувури қурилишини молиялаштираётган Европа ширкатлари билан тузган шартномаларига оид маълумотларни тақдим этишдан бош тортгани сабаб бўлган.
Польша аксилмонополия муассасаси “Газпром” дохил Европанинг олти ширкати хатти-ҳаракатлари юзасидан текширув олиб бормоқда. Бу ширкатлар Польшадан керакли рухсатни олмай туриб, Балтика денгизи тубидан газ қувури қурилишини молиялаштираётган консорциум тузганликда айбланяпти. Аввалроқ бу иш бўйича сўралган ҳужжатларни тақдим этишдан “ўжарлик билан ва асоссиз бош тортгани” учун Франциянинг Engie ширкати жаримага тортилганди.
“Газпром” Польша муассасасининг қарори юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.
Расман “Шимолий оқим-2”ни консонциум эмас, “Газпром”га тўла бўйсунадиган ширкат қуряпти. У Европа ширкатлари маблағларини кредит сифатида жалб қилмоқда. Бироқ Варшава бу ерда гап барибир консорциум ҳақида кетяпти ва у аксилмонополия қонунчилигини бузяпти, деган фикрда қатъий турибди.
Европа Иттифоқининг бошқа қатор мамлакатлари каби Польша ҳам Россиянинг ЕИ ва Украинага сиёсий босим ўтказиш воситаси ўлароқ кўрилаётган “Шимолий оқим-2”нинг қурилишига қарши чиқиб келади.
Балтика денгизи туби бўйлаб қурилаётган газ қувури охирига етказилган эмас. Қувур қурилиши ўтган йил охирида АҚШ санкциялари туфайли тўхтаб қолган ва ҳозирча тиклангани йўқ.