Қозоғистон пойтахтида 20 чоғли аёл 3 август куни Вазирликлар уйи олдида тўпланиб, расмийларни ёш болалар устидан жинсий зўравонлик қилганлар учун ўлим жазоси беришга чақиришди. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, улар мамлакатда бу каби жиноятлар сони ўсиб бораётгани, ҳукумат бу масалага “бефарқ” муносабатда бўлаётгани, амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган жазо эса “етарли даражада қаттиқ эмас”лигини билдиришди.
“Мен педофилларнинг ўлим жазосига ҳукм қилинишини талаб қиламан. Агар биз ҳимоясиз болаларни муҳофаза қилолмасак, бизга полиция ва қуролли кучлар нимага керак? Ўз мамлакатимизда болалар ҳаётини, руҳий ҳолатини ҳимоя қилолмасак, ҳукумат нимага керак?”, дея савол ташлаган беш боланинг онаси бўлган Мўлдир Сарсенбаева.
Кўп болали она Айгул Ниятбекова ўз ўғил-қизларининг келажагидан хавотирланаётганини таъкидлади.
“Яқиндагина Сатпаевда, ундан кейин Бойқўнғирда шундай воқеа содир бўлди; бир неча кун аввал худди шунақа мудҳиш ҳодиса пойтахтда содир бўлгани ҳақида эшитдик. Жиноятчилик даражаси, ошган бўлса, ошдики, камайгани йўқ. Аёллар қаршилик кўрсатиш ва ўзини ҳимоя қилишга қодир. Аммо ёш болалар ўзини ҳимоя қилолмайди. Ҳукумат тепасида ўтирганлар кимёвий ахталаймиз, инъекция қиламиз, деяпти. Аммо бундан фойда бўлмаяпти”, деган А. Ниятбекова.
Аёллар Вазирликлар уйи олдида икки соатча туриб, ўз талабларини билдиришди. Акция ўтган жойда полиция ва махсус топшириқ бажарувчи отряд ходимлари бўлган, бироқ улар аралашмай, бир четда турганлар, ҳеч кимни тутиб кетмаганлар.
Воқеа жойига етиб келган Есиль туман ҳокимияти вакили йиғилганларга шаҳарда қатъий карантин чоралари амалда эканини айтиб, тарқалишни сўраган. У ҳокимиятга мазкур акция ўтказилиши ҳақида ҳеч қанақа “огоҳлантириш хати” тушмагани, 6 июндан кучга кирган тинч йиғилишлар тўғрисидаги қонун эса шуни талаб қилишини ҳам қўшимча қилган.
Қонунчиликка мувофиқ, ёш болага нисбатан зўрлаш ёки жинсий характерга эга зўравонлик ҳаракатларини амалга оширганлик учун 20 йилга озодликдан маҳрум ёки умрбод қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Қозоғистонда ўлим жазосини амалга ошириш учун мораторий эълон қилинган. Жиноят кодексида ўлим жазоси ўта оғир ва террорчилик билан боғлиқ жиноятлар учун кўзда тутилган.
Педофилия учун жазога оид баҳс-мунозаралар жамиятда Қарағанда вилоятининг Сатпаев шаҳрида беш яшар қизалоқнинг ўғирланиши ва зўрланишига оид хабарлар ортидан яқинда рўй берган тўполонлардан кейин қайта авж олди. Расмийларга кўра, тўполонлардан кейин бу нисбатан осойишта шаҳарда 16 киши қўлга олинган, яна икки киши қидирувга берилган. Полиция муҳтамал бола ўғрисига нисбатан (шу жумладан ёш болани зўрлаганлик моддаси бўйича ҳам) тергов бошланганини маълум қилган.
Қозоғистонда 2018 йилдан кимёвий кастрация (ахталаш) тўғрисидаги қонун кучга кирган. Жазонинг бу тури жинсий зўравонликда айбланиб, қамалган маҳкумлар учун кўзда тутилган. Жиноят кодексига мувофиқ, кимёвий кастрация вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этган, жинояти судда исботланган, ёши 18 дан ошган шахсларга нисбатан қўлланилади. Бу меъёрга қарши бўлганлар суд томонидан хатога йўл қўйилиши мумкинлиги ҳамда кимёвий кастрация учун бюджетдан каттагина маблағ ажратилишига эътибор қаратадилар.