Ўзбекистон Қирғизистонга 560 минг долларлик ёрдам кўрсатди

Қирғизистон ҳукумати кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон коронавирус инфекциясига қарши курашда кўмаклашиш учун март ойидан то шу кунгача Қирғизистонга жами 560 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда 3 август куни Бишкекда ўтган брифингда Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Замирбек Асқаров маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон Қирғизистонга 2 минг тонна буғдой уни, 9500 дона комбинезон, 12 минг дона ниқоб, 25 минг дона қўлқоп, 500 дона кўзойнак, 200 дона пирометр ва 45 тонна дезинфекцияловчи воситаларни юборган.

Ўзбекистон Қирғизистонга жорий йилда уч марта -апрель, май, июль ойларида инсонпарварлик ёрдами жўнатганди. Бундан ташқари Фарғона вилояти Қирғизистоннинг Боткен вилоятига, Андижон вилояти эса Ўш шаҳрига инсонпарварлик ёрдами кўрсатган.

Айни пайтда Ўзбекистон пандемия бошланганидан бери АҚШ, Туркия, Германия, Сингапур, Қирғизистон, Қозоғистон ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан инсонпарварлик ёрдамларини қабул қилган.