Ўзбекистон мусулмонлари идораси пандемия шароитида дафн маросимини ўтказиш тартиби ҳақида тушунтириш берди.
Уламолар кенгаши аъзоси Мирзамақсуд Алимовнинг 3 августда билдиришича, дафн маросимларида кўпчиликнинг иштирок этиши вирус тарқалишига қулай шароит яратиб беради. Шунинг учун мусулмонлар идораси жанозага кўпчилик йиғилмаслигини тавсия қилади.
Бундан ташқари жанозага йиғилганлар ўзаро кўришишдан ҳам тийилишлари ва 1,5 метрли ижтимоий масофани сақлашлари шарт.
“Маййит тиббий хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда ювилиши лозим. Яъни ғассол ниқоб ва қўлқопда бўлиши керак. Ғуслда ишлатилган барча нарсалар ёқиб юборилиши, челак ва бошқа асбоблар хлор каби воситалар билан дезинфекция қилиниши ҳамда 5-6 соатга қуёш остида қуритилиши керак”, - деб билдирди Мирзамақсуд Алимов.
Уламонинг таъкидлашича, жасад тиббиёт ходимлари томонидан махсус матога ўраб қўйилган бўлса, уларни тиббий хавфсизлик нуқтаи назаридан очиш мумкин эмас. Бунда маййитни қайта ғусл қилиш шарт бўлмайди.
Жаноза намози узоғи билан 5-7 минут ичида ўқилиши, унда саломатлиги заиф бўлганлар, кексалар ва ёш болалар иштирок этмаслиги зарур.
“Тиббиёт ходимлари маййитни қабристонга олиб келишган бўлса, жаноза ўша жойда адо этилиши керак”, - деб қўшимча қилди Мирзамақсуд Алимов.