Ўзбекистонда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани тан олинди.
“Расмий статистикада берилган ўлимлар сони билан реал ҳаётдаги ўлимлар сони ўртасида фарқ бор”, - деб билдирди 3 август куни АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов.
Унга кўра, коронавирусга чалингани таҳлил натижаси билан тасдиқланган беморлар вафот этса ўлим статистикасига киритилади. Қолган ҳолатларда эса беморлар ўлимига пневмония сабаб бўлган, деб ҳисобланади.
“Уйида даволанишга ҳаракат қилиб, кейин оғир аҳволда олиб келинган беморлар 1-2 кун ётиб, кейин вафот этадиган бўлса ва келган пайтда қўлида таҳлил (тест) натижаси бўлмаса, яъни клиникада таҳлил олиниб, тасдиқланмаган бўлса, улар статистикада коронавирусдан ўлган деб ҳисобланмайди, пневмония бўлиб ҳисобланади”, -деди Ҳабибулло Оқилов.
Шу кунгача Ўзбекистонда расман 159 одам коронавирусдан ўлгани билдирилди. Бироқ мустақил манбалар ўлим ҳолатлари расмий статистикада кўрсатилган рақамлардан анча юқори эканини айтиб келаётган эдилар.
Айни пайтда қўшни давлатлар бўлган Қирғизистон ва Қозоғистонда коронавирус ва пневмониядан ўлганлар сони бирлаштирилган. Бунга пневмонияни ҳам коронавирус келтириб чиқараётгани сабаб қилиб кўрсатилган.