Ҳукумат коронавирусга қарши вакцина сотиб олиш имкониятларини ўрганади

Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Россия яқин вақт ичида вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши хабар қилинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 агустда ўтган видеоселектор йиғилишида Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга хориж давлатларидан коронавирусга қарши вакцинани сотиб олиш имкониятларини ўрганиб чиқишни топширди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, йиғилишда Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Россия фармацевтика компаниялари яқин вақт ичида вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар қилинаётгани таъкидланган.

“Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга бир ҳафта муддатда етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда, вакцинани харид қилиш ва мамлакатимиз аҳолиси вакцинациясини амалга ошириш йўлларини пухта ўрганиб чиқиш топшириғи берилди”,- дейилади хабарда.

Йиғилишда маълум қилинишича, Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш юзасидан қўшимча чоралар кўрилди. Жумладан, охирги 20 кунда коронавирусни даволаш ўринлари 3,5 баробарга кўпайтирилди ва қарийб 65 мингтага етказилди.

Жойларга қўшимча равишда қарийб 800 та тез тиббий ёрдам машиналари етказиб берилди. Қўшимча 4 мингта нафас бериш ускуналари (ЎСВ, портатив сунъий нафас бериш аппарати, кислород концентратори) олиб келиниб, уларнинг сони 6,5 мингтага етди.