2020 йилнинг 1 сентябридан ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Бу ҳақда, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, президентнинг “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида баён қилинган.
Қайд этилишича, кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш, қарорларни қабул қилишда субъектив ёндашувни бартараф этиш тизимни жорий этишнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.
Қарор билан 2021 йил 1 январидан бошлаб давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишда фуқаролардан талаб этилмайдиган ҳужжатлар ва маълумотлар рўйхати тасдиқланган.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлик тўғрисида маълумотнома ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ва 12 ой давомида амал қилади.
Мазкур ахборот тизими 2019 йил 1 октябридан бери тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилоятида ишлатиб келиняпти.
Газета.уз нашрининг ёзишича, тизим сентябрь ойидан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида, октябрь ойидан Бухоро, Навоий, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, ноябрь ойидан Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, декабрь ойидан эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ишга тушади.