Ўттиз кишилик тўйларни карантиндан кейин ҳам давом эттириш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда 30 кишилик тўйларни карантин чекловлари олиб ташланганидан кейин ҳам давом эттириш таклиф қилинди. Бунга оид петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоқларда “яшил” ҳудудларда 30 кишилик тўйларни ўтказишга рухсат берилганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Кўпчилик тўйлардаги бундай чегара карантиндан кейин ҳам сақланиб қолишини хоҳламоқда”, деб ёзган петиция муаллифи Жавлонбек Нурматов.

Муаллиф шу важдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарорида белгиланган тўйларга 200 кишидан ортиқ меҳмон чақирмаслик ҳақидаги қоидани “30 кишилик” деб ўзгартиришни таклиф қилган.

Тўй қиламан деб қарзга ботиб, эртаси куни куёв бола ёки унинг отасининг хорижга кетаётганлик ҳолатлари ҳам кам эмас”лигини урғулаган Ж. Нурматов ҳатто “бунинг ортидан жиддий касалликлар орттириб олинаётган ҳолатлар ҳам мавжуд”лигини қўшимча қилади.

Муаллиф фикрича, Абдулла Авлонийнинг юз йил олдин ёзиб қолдирган “Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг” деган сўзлари бугунги кун учун ҳам айни ҳақиқатдир.

Шу тўйга аталган пулларга ёшларни уй-жой билан таъминлашга, оиласининг молиявий аҳволини яхшилашга, таълим олишига шароит яратиб берсак, қанчалик бахтиёр оилани тузган бўламиз. Қанчадан-қанча оилалар иқтисодий аҳволи туфайли ҳозир тўй қила олмаяпти. Менимча, 30 кишилик тўйни доимий қилиш вақти келди”, деб ёзган петиция муаллифи.