Ўзбекистон Фармакология қўмитаси расмийлари Озодликка "коронавирусга қарши самарали дори" дея Хитойдан Ўзбекистонга олиб келиб тарқатилаётган “Lianhua” препаратлари дори воситаси сифатида давлат реестрига киритилмаганини билдирди.
26 июль куни маҳаллий нашрларЎзбекистонга Хитойдан коронавирусга қарши “Lianhua Qingwen Jiaonang” деб номланган самарали дори келтирилгани ва унинг катта партияси президентнинг кенжа куëви Отабек Умаров номидан Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилган кўп тармоқли махсус шифохонага топширилганини хабар қилган эди.
Реклама характеридаги бундай хабарлар ортидан ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида сўнгги кунларда “Lianhua” таблеткаларини тарғиб қилаётган видеолар кўпайиб бормоқда.
Роликларда "Хитой халқ табобати асосида тайёрланган бу дориларнинг икки пачкаси билан коронавирус юқтирган беморлар тузалаётгани" иддао қилинади.
Бу дори бозорини ўрганган тошкентлик блогер¸ "Хитойда нархи бор-йўғи 2 АҚШ доллари турадиган бу дорининг ҳозирда ўзбекистонликларга уч-тўрт баравар қиммат, баъзи жойларда эса¸ пачкаси 40 доллардан сотилаётгани"ни билдирди.
Қора бозордаги "мўъжизакор дори" рекламаси
Телеграмдаги "Stop coronavirus" гуруҳида эълон қилинган видеода номаълум эркак “Lianhua” дорилари солинган қутиларни очар экан:
"Мана шундай дорилар бор мана, бир беморга икки пачкаси етади. Мана бу ерда 1500 қути дори бор, келаси ҳафта яна 2000-3000 қути келади", дейди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Яна бир видеода машина рулида ўтирган эркак коронавирус тести позитив чиққан беморларга “Lianhua” дорисининг икки пачкаси бепул берилишини айтади.
"Сахий одамлар бор, қийин кунларда ёрдам берадиган. Албатта¸ ҳаммага ёрдам беролмаймиз. Кимга коронавирусга қарши фойдали бўлган мана шу Хитой дориси керак бўлса, бизга мурожаат қилинг, олиб келиб берамиз. Бунинг учун коронавирусга позитив эканлигингизни тасдиқловчи справкани кўрсатишингиз керак", - дейди бу дорифуруш.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик мухбири тарғибот роликларидаги телефон рақамларидан бирига боғланганида исми очиқланишини истамаган эркак “Lianhua” препаратлари Хитойдан Ўзбекистонга "орқаси бақувват каттакон”лар ёрдамида олиб келинаётганини айтди.
"Боғини сўраманг, дейишадику. Ҳимматли каттакон акахонлар ёрдами билан Хитойдан олиб келиняпти. Бир қутида 24 та таблетка бор. Халқ табобати асосида тайёрланган. Икки қутиси билан коронавирусни енгил турига чалинганлар тузаляпти. Ўпка нафас қисишни олар экан. Коронавирусга позитив экани ҳақидаги ҳужжатни кўрсатса¸ икки пачкани бепул берамиз", деди бу сотувчи.
Бозори чаққонлашган дори "ҳомийси "- президент куëви
Ушбу дорининг Тошкентдаги бозорини ўрганган маҳаллий блогер Озодлик билан суҳбатда Хитойнинг ўзида нархи бор-йўғи 2 АҚШ доллари турадиган бу дорилар ўзбекистонликларга уч-тўрт баравар қиммат, баъзи жойларда пачкаси 40 доллар нархда сотилаётганини айтди.
"Олдинига бепул деб туриб, кейин илинтириб олишади. Бу дорилар ўрганиб кўрсак, шамоллашга қарши дори экан, пачкаси 2 доллар. Булар 6 доллардан пуллашяпти. Баъзи жойларда 40 доллардан ҳам сотилган. Бунинг ортида куёв (Ўзбекистон президентининг кенжа куёви)Отабек Умаровни одамлар турибди, дейишяпти. Шулар ёрдамида Хитойдан олиб келиняпти экан", - деди Озодлик билан суҳбатда исми очиқланишини истамаган тошкентлик блогер.
26 июль куни Яккакураш спорт турининг аралаш тури бўйича жаҳон чемпиони Мурод Хонтўраев “Lianhua” дориларини Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассосиацияси президенти Отабек Умаров номидан Зангиота туманидаги махсус шифохонасига топширгани ҳақда Effect.uz сайти хабар берганди.
Effect.uz эълон қилган видеода Отабек Умаров инициаллари (OU) туширилган футболка кийган Хонтўраев дориларни шифохонага топширар экан "Ҳаммасини Отабек акам Умаров бериб юбордилар", деб алоҳида таъкидлайди.
Енгил шамоллаш, йўталга қарши “Lianhua" дориси Хитойда Yiling Pharmaceutical ширкати тарафидан 2002 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, дастлаб атипик пневмония эпидемияси (SARS) тарқалган пайтда беморларга тавсия этилган эди.
Айни дори Хитойда коронавируснинг енгил турига чалинганларга ҳам тавсия этилгани маълум.
COVID беморларига берилаëтган дори Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтмаган!
Ўзбекистон Фармакология қўмитаси Дориларни сертификациялаш бўлимининг исми очиқланишини истамаган мулозими 5 август куни Озодлик билан суҳбатда “Lianhua" дориси мамлакатда рўйхатга олинмагани, маҳаллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ текширувдан ўтмаган ва рўйхатга олинмаган дори воситаларини тарқатиш, сотиш ва истеъмол қилиш мумкин эмаслигини айтди.
"Бу дори коронавирусга қарши фойдалидир, лекин бизда рўйхатга олинмаган бу. Хитойдан кириб келаётган дорилар уларнинг тилида ёзилган бўлади. Йўриқномаси ҳам хитойча. Лекин, йўриқнома ўзбек ва рус тилига таржима қилинган бўлиши талаб этилади. Сўнг Фармакология қўмитаси томонидан экспертизадан ўтказилади, ана ундан кейин сертификатланиб, дорихоналарга тарқатилади ва истеъмол қилишга рухсат берилади. Шунинг учун ҳар хил жойлардан дориларни олмасдан, фақат доктор тавсия этган дориларни олишни беморларга тавсия этамиз".
Коронавирус пандемияси бошланганидан кўп ўтмай Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ривожланаётган мамлакатларда сохта дори-дармонлар тарқалиши хавфидан огоҳлантирган эди.
"Сохта дорилар касалликни даволамаслиги мумкин. Ёмон ҳолатда эса¸ саломатликка жиддий зиён етказади", дея огоҳлантирган эди бу ташкилот.