“International Job Organization – xususiy bandlik agentligi” раҳбари қамоққа олинди. Бу ҳақда 5 август куни ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.
Расмий билдирувда хусусий агентлик раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилгани билдирилган.
Агентлик раҳбари 1993 йилда Қирғизистонда туғилган Ш.А., бўлиб, у “International Job Organization – xususiy bandlik agentligi”орқали одамларни Кореяга ва Европага ишга жўнатишни ваъда қилган. Агентликнинг барча вилоятларда ўз бўлимлари бўлган.
Бироқ 132 нафар фуқаронинг ҳар биридан 45 миллиондан олган агентлик раҳбари ўз ваъдасини бажармаган. Тергов департаментининг билдиришича, у жами алдов йўли билан фуқаролардан олинган 5 миллиард 600 миллион сўм пулни ноқонуний ўзлаштирган.
Хабарда айтилишича, жиноят иши 26 июнда Тергов департаменти иш юритувига олинган.
2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.