Ўзбекистон фуқароларини ватанига олиб келиш учун 2 августдан 16 август кунлари давомида амалга оширилиши белгиланган чартер рейсларининг парвоз йўналишига қисман ўзгартириш киритилди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизматига кўра:
- 7 август куни Тошкент – Ростов-Дон – Наманган;
- 8 август Тошкент – Санкт-Петербург – Наманган;
- 9 августга белгиланган Тошкент – Москва – Наманган авиақатновлари Тошкент шаҳрига амалга оширилади.
Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан Россия Федерациясининг Оренбург ва Самара вилоятларидаги Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтариш учун 2 та поезд қатнови ташкил этилди.
Мазкур поездларнинг биринчиси 9 август куни Наманган шаҳрига, иккинчиси эса 9 август куни Самарқанд шаҳрига кириб боради. Поездларда олиб келинган барча фуқаролар ўрнатилган тартибда карантинга жойлаштирилади.
"Россия Федерациясининг Ростов-Дон вилоятидаги фуқароларни олиб келиш мақсадида учинчи поезд қатнови ҳам ташкил этилди. Ушбу поезд 13 август куни Тошкент шаҳрига кириб келади", дейилган Транспорт вазирлиги билдирувида.
Транспорт вазирлиги йўловчилардан борди-ю чипталарни ҳарид қилиш вақтида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилиши билан боғлиқ вазиятларга дуч келган тақдирда, вазирликнинг 1167 қисқа рақамли ишонч телефонига, шунингдек, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг (71) 299-94-50 ишонч телефонига мурожаат этишларини сўраб қолган.