Бош вазир моддий ёрдам пулларини тарқатишдаги камчиликлар учун маҳалла раисларини танқид қилди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларга давлат бюджетидан ажратилган бир марталик моддий ёрдам пулларини тарқатишда "сусткашликка йўл қўйган" айрим маҳаллалар раисларини кескин танқид қилди.

8 август куни ўтказилган ҳукумат селектор мажлисида бош вазир "буни ҳеч қайси мезон билан оқлаб" бўлмайди деб айтган.

Ўзбекистонда 4 август куни ҳукумат мажлисида пандемия даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш, кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларини тўғри ва ҳаққоний шакллантириш, ажратилган маблағларни адолатли тарқатилиши ҳақида айтилганди.

Ўз навбатида, Бош прокуратура ҳам рўйхат асосида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам пули тарқатилиши жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари кузатилаётганига оид ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарларга муносабат билдирди.

Унда ёрдам пули ажратилишидаги қонунбузилишлар юзасидан прокуратурага мурожаат қилиш сўралди.

Шу ҳафта бошида Ўзбекистоннинг бир қанча туман ва маҳаллаларида ҳукумат ваъда қилган ёрдамлар берилмаётгани норозиликка сабаб бўлганди.

Фарғона вилоятида ўнлаб одам вилоят ҳокимлиги олдида тўплангани ҳақида Озодлик хабар берганди.