Беларусда Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настояшчее время» телеканалининг уч мухбири мамлакатдан бадарға қилинди.
Ирина Ромалийская, Юрий Баранюк ва Иван Гребенюк 7 август куни Минскдаги меҳмонхонада қўлга олиниб, полиция бўлимига олиб кетилган эди.
Мухбирлар 8 август куни мамлакатдан бадарға қилинди, уларнинг сайловни ёритишлари ва Беларусга киришларига 10 йиллик тақиқ ҳам қўйилди.
Ромалийская ва Гребенюк Украина фуқаролари, Баранюк эса Россия фуқаросидир.
Озодлик радиосининг амалдаги президенти Дейзи Синделар Беларусь расмийлари мухбирларга аккредитация бермаётганини ва мухбирлар қўлга олинганини кескин қоралаганди.
Беларусда 9 август куни президентлик сайлови бўлиб ўтади. Таҳлилчилар сайловда мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қозониши бу гал ҳар доимгидек жуда осон бўлмаслигини айтишмоқда.
Сайловолди кампанияси давомида Лукашенко мухолифатга босимни кучайтирди. Кейинги ойларда мамлакатда юзлаб одам, жумладан, фаоллар, блогерлар ва президентликка номзодлар ҳибсга олинди.