Сўх туманига авиақатнов йўлга қўйилади

Фарғона вилоятининг эксклав Сўх тумани

Ўзбекистонни Қирғизистон ҳудудидаги эксклави Фарғона вилоят, Сўх туманига авиақатновлар йўлга қўйилади.

Бу ҳақда хабар берган Кун.уз сайтига кўра, президент қарори билан бир ой муддатда Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдонини ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон президенти "2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари" тўғрисидагиқарорида Транспорт вазирлигига Қирғизистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш масаласи тўлиқ ҳал этилгандан кейин бир ҳафта муддатда Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти орқали аҳолига мақбул нархларда қатновлар йўлга қўйилишини таъминлаши ҳақида ёзилган эди.

Молия вазирлиги Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти қатнови бўйича кўрилган зарарларни қоплаш учун компенсация тўловларини жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан қопланишини ва келгуси йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминлайди.

Ўзбекистонга қарашли Сўх тумани Қирғизистон ҳудудидаги эксклав бўлиб ҳисобланади. 2013 йили қирғиз-ўзбек чегарасидаги можародан кейин Сўх-Риштон йўли ёпиб қўйилган. 2019 йилда бу йўл 2 кунга очилиб, кейин яна ёпилган.