Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг 33 шаҳарида норозилик намойишлари бошланди. Полиция томонидан намойишчиларни куч ишлатиб тарқатди.
Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.
Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.
Вазирлик полиция ва норозилар тўқнашуви пайтида, ҳуқуқ фаоллари хабар қилганидек, бир одам ҳалок бўлганини инкор қилди. Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, тўқнашувларда камида 50 киши ва 39 нафар полициячи жароҳатланди.
Тихановская: Сайловнинг ғолиби менман
Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди.
“Мен ўзимни сайлов ғолиби деб ҳисоблайман”, - деб баёнот берди Тихановская ўз штабида ўтказган матбуот анжуманида.
Тихановскаянинг айтишича, унинг баёноти кўплаб сайлов участкаларидан олинган “реал протоколлардаги натижалар”га асосланган. Бу протоколларда у Александр Лукашенкодан кўп овоз олгани тасдиқланган.
Тихановская 10 август куни эълон қилинган расмий натижани сохталаштирилган деб ҳисоблашини айтди. Тихановская мамлакатни тарк этиш нияти йўқлигини ҳам билдирди. Унга кўра, ўзи кўчалардаги норозилик намойишларида иштирок этмаяпти.
“Менинг кўчага чиқишим вазиятни янада мураккаблаштиради”,-деди Тихановская.
Айни пайтда у ўз тарафдорларини тинч норозилик намойишларини давом эттиришга, Лукашенкони эса зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида мулоқотга чақирди.
Беларусдаги норозилик намойишлари ва зўравонликлар
Беларус пойтахти Минск ва бошқа шаҳарларда полиция ва норозилар ўртасидаги тўқнашув давлат телевиденияси Александр Лукашенко, расман ўтказилган экзит-пол натижаларига кўра, 79,7 фоиз овоз олганини эълон қилгани ортидан бошланиб кетди.
Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская расмий экзит-пол натижаларини тан олишдан бош тортди. Давлат телеканали расмий экзит-пол натижаларига кўра, Тихановская 6,8 фоиз овоз олганини билдирган.
Беларуснинг қатор шаҳарларида намойишга чиққан Тихановская тарафдорлари “Лукашенко кет” деган чақириқларни ҳайқирдилар. ОМОН намойишчиларга куч қўллади. Жароҳатланганлар бор. Бир қанча намойишчи ҳибсга олинди.
10 август тунда Минскда намойишчилар устига юк машинаси ҳайдалгани акс этган тасвирлар ҳам ижтимоий тармоқларга жойланди. Гувоҳларга кўра, юк машинасидан икки киши жароҳатланган, бири оғир аҳволда. Бироқ расмийлар ушбу автоҳалокатни инкор қилишди.
Минскдаги “Весна” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг билдиришича, мамлакат бўйлаб намойишларда иштирок этган норозилардан 200 нафари ҳибсга олинди. Уларнинг 140 нафари Минскдаги намойиш иштирокчиларидир.
Ташкилотнинг хабар беришича, ҳибсга олинганлардан икки нафари яраланган. Қўлга олинганлар орасида 16 журналист ва 40 нафар кузатувчи бор.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, намойишлар пайтида бир одам ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар турли жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилган. Лекин ҳукумат бу хабарларни расман тасдиқлагани йўқ.
Светлана Тихановская 10 августга ўтар кечаси намойишчилар ва куч ишлатар тизимларга мурожаат қилди. У зўравонликларни тўхтатишга чақирди.
Ҳукумат: Вазият назорат остида. Лукашенко сайлов ғолиби
Ҳукуматга қарашли “Белта” ахборот агентлиги 10 август куни эрталаб полиция “рухсат берилмаган оммавий намойишлар” устидан вазиятни ўз назоратига олгани ҳақида хабар берди.
Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина 10 августда сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко сайловчиларнинг 80 фоиз овозини олиб, ғолиб бўлганини эълон қилди.
Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская эса расман 10 фоиз овоз олган.
Марказий сайлов комиссияси 10 августда эълон қилган дастлабки маълумотларга қараганда, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 84 фоизи иштирок этган. Уларнинг 6 фоизи барча номзодларга қарши овоз берган.
Лидия Ермошина матбуот анжуманида эълон қилинган дастлабки натижалар кўрсаткичи кун давомида ўзгариши эҳтимоли йўқлигини билдирди
Сайловда Александр Лукашенкодан ташқари Светлана Тихановская, Андрей Дмитриев, Анна Канопацкая, Сергей Черечен президентликка номзод сифатида иштирок этди.
Аммо асосий эътибор турмуш ўртоғи Сергей Тихановский қамоққа олинганидан кейин ўз номзодлигини кўрсатган Светлана Тихановскаяга қаратилган.
Сергей Тихановский қамоққа олинишидан олдин Лукашенкони “суварак” деб атаб, белорусларни уни шиппаклари билан босиб ўлдиришга чорлаган эди.
Александр Лукашенко 1994 йилдан бери Беларусни бошқариб келади. У 9 августдаги сайловда олтинчи марта президентликка ўз номзодини кўрсатди.