Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) 10 август куни ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевнинг Бишкекда қўлга олиниши юзасидан баёнот берди.
Баёнотда айтилишича, журналист 8 август куни Оилавий ва жиной ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги 1993 йилги Минск конвенциясига асосан Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинган.
Бобомурод Абдуллаев қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб Ўзбекистон томонидан қидирувга берилгани ҳам баёнотда таъкидланган. Лекин журналист қандай жиноятларда гумонланаётгани ёки айбланаётгани айтилмаган.
Айни пайтда Бобомурод Абдуллаев МХҚ ҳибсхонасида сақланмоқда. Бош прокуратура уни Ўзбекистонга топшириш масаласини кўриб чиқмоқда. 10 август куни Абдуллаевга эҳтиёт чорасини белгилаш масаласи Бишкек шаҳар Биринчи Май туман судида кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Озодлик якшанба куни Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги кафелардан бирида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берганди.
Маълумотларга кўра, Бобомурод Абдуллаев Қирғизистонга шу йил февралида Марказий Осиёдаги Америка университети таклифи билан 4 ойлик ўқишга келган. Аммо коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилиб қолгани важидан у ўқишини давом эттириш учун Европага учиб кетолмай қолган.
Бобомурод Абдуллаев 2017 йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган. Шундан сўнг у 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумон қилиниб, судланган.
Маҳкама давомида Бобомурод Абдуллаев ўзининг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолаларнинг аксарияти муаллифи эканини тан олган, бироқ ўзи ёзган мақолаларда давлат тўнтаришига чақириқ бўлганини рад этган.
Шу билан бирга, судда журналистга нисбатан тергов давомида қийноқ қўлланилгани қайд этилган.
Прокурор Б.Абдуллаевга 5 йиллик қамоқ жазоси сўраган. Бироқ 2018 йил 7 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган маҳкамада журналист Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- моддаси, 1- қисми, “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазоси тайинланган ҳамда суд залидан озод қилинган.
Бобомурод Абдуллаевнинг суд залидан озод қилинишини қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТнинг Матбуот эркинлиги бўйича вакили, Amnesty International , CPJ ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан олқишлаган.