Шавкат Мирзиёев Лукашенкони президентликка сайлангани билан тўртинчи бўлиб табриклади

Лукашенкони Хитой раҳбари Си Цзиньпин, кейин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва учинчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин табриклади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь президенти сайловида эришган “ишончли ғалабаси билан қутлади”. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати 10 августда хабар берди.

“Давлатимиз раҳбари ўз мактубида сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ва овоз бериш натижалари Беларусь халқининг Александр Лукашенкога бўлган улкан ишончини ва бирдамлигини, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар давом эттирилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор намоён этганини қайд этди”, -дейилади хабарда.

Беларус президентлигига 9 августда ўтган сайловда ғалаба қозонгани расман эълон қилинган Александр Лукашенкони 10 август куни биринчилардан бўлиб Хитой раҳбари Си Цзиньпин, кейин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва учинчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин табриклади.

Шавкат Мирзиёев жаҳон давлатлари президентлари орасида Лукашенкони табриклаган тўртинчи, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи президент бўлди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди. Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.