Минскда норозилик намойиши иштирокчиларидан бири ҳалок бўлди

Минскда баррикада қураётган норозилар.

Беларус пойтахти Минскда 10 август куни кечқурун норозилик намойишининг бир иштирокчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирликнинг билдиришича, норозилар "Пушкинская" метро станцияси яқинида баррикада қурганлар. Бу ерга полиция махсус отряди етиб борган. Тўқнашув пайтида норозилардан бири номаълум портловчи моддани полицияга қарата отмоқчи бўлган. Аммо портловчи модда намойишчининг қўлида портлаган ва у ҳалок бўлган.

Воқеанинг мустақил гувоҳлари ҳозирча йўқ. Беларус матбуоти ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари айнан мана шу жойда полиция ва норозилар ўртасида тўқнашувлар юз берганини, полиция резина ўқлар ва шовқинли гранаталарни қўллагани тўғрисида ёзмоқдалар.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг тахминича, норози полиция қўллаган шовқинли граната портлаши оқибатида ҳалок бўлган бўлиши эҳтимол.

10 август куни эрталаб ҳуқуқ фаоллари намойишчилар ва полиция тўқнашуви пайтида бир норози ҳалок бўлганини билдирган. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган эди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди. Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳриида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.