Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Беларус президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони “президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаб, унга Беларуснинг барқарор тараққиёти ва равнақини таъминлаш йўлида янги зафарлар тилади”.
"Икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги анъанавий яқин ҳамкорликка доир долзарб масалалар кўриб чиқилди”,- дейилади расмий хабарда.
10 август куни Мирзиёев Лукашенкога Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Россия президенти Владимир Путин билан бир қаторда табрик телеграммаси ҳам жўнатган эди.
Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.
Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди. Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.
Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.