Беларус президентлигига сайловда амалдаги президент Александр Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская Беларусни тарк этди ва айни пайтда Литвада бўлиб турибди. Бу ҳақда Твиттерда Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс маълум қилди.
У Тихановскаянинг нега Беларусни тарк этгани сабабларини очиқламади. Беларус ҳукумати ҳам, Тихановскаянинг ўзи ҳам бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.
10 август куни Тихановская Марказий сайлов комиссиясига овоз бериш натижаларидан норози эканини билдириш учун ариза топширгани борган ва кейин йўқолиб қолган эди.
Унинг тарафдорлари матбуотга Тихановская Марказий сайлов комиссияси биносида мажбурий тарзда ушлаб турилгани ҳақида билдиргандилар. Бироқ Марказий сайлов комиссияси Тихановская аризани топширгани ва ҳеч қандай тўсиқсиз бинони тарк этганини билдирган.
Тихановская телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермаган. Тунга яқин Тихановская телефон орқали алоқага чиққан, аммо ўзининг қаерда эканини очиқламаган эди.