Путин Россия коронавирусга қарши вакцина кашф этганини эълон қилди. Доришунослар норози

Россия COVID-19га қарши ишлаб чиққан эм дори.

Президент Владимир Путин 11 август куни Россия COVID-19га қарши вакцинани жаҳонда биринчи бўлиб рўйхатдан ўтказганини эълон қилди.

Путин бу ҳақда ҳукумат йиғилишида баёнот берди. Унга кўра, қизларидан бири бу вакцинани ўзида синаб ҳам кўрган.

Аввалроқ Россия фармацевтика ширкатларини бирлаштирган Клиник тадқиқотлар ўтказувчи ташкилотлар ассоциацияси Саломатликни сақлаш соҳасини назорат қилиш федерал агентлиги - Росздравнадзорга COVID-19га қарши ишлаб чиқарилган эм дорисини рўйхатга олишни вақтинчалик кечиктириш таклифини киритган эди.

Мутахассислар бу дорини синаб кўришнинг учинчи босқичи ниҳоясига етмаганини бунга сабаб ўлароқ кўрсатишган. Аммо Росздравнадзор бу таклифни инобатга олмади.

Дори-дармон ширкатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигини “Россия вакцинасини улуғламасликка”, чунки бунга муқобил тарзда жаҳонда яна 26та эм дори ишлаб чиқарилаётганига ва улардан олтитаси бир неча ўн минг кишида синаб кўрилганига эътибор қаратишга чақирган.

Россия бу вакцинани ишлаб чиқаришни 2021 йилнинг 1 январидан бошламоқчи.