Минскда Лукашенкога қарши намойишлар учинчи кун давом этмоқда

Минскда норозиларни қўлга олиш пайти.

Минскда Александр Лукашенко президентлик сайловида ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан бошланган намойишлар учинчи кун давом этмоқда. Полиция 12 августга ўтар кечаси ҳам норозиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўллади.

Полиция томонидан норозилик намойишини ёритаётган журналистлар ҳам калтакланди. Жумладан, 11 август куни кечқурун полиция ходимлари Би-би-си радиосининг уч ходимига ҳужум қилиб, уларни калтаклаган. Аммо журналистларни қўлга олган эмас.

Намойишларнинг учинчи куни аввалгиларидан анча фарқ қилгани кузатилди. 10 ва 11 август кунлари норозиларнинг асосий қисми майдонларга йиғилган бўлса, 12 августга ўтар кечаси ёшлар бир неча ўн кишилик гуруҳларга бирлашиб, шаҳар кўчаларида юриш қилдилар.

Улар полицияни кўриши биланоқ ҳар тарафга тарқалиб, яқин атрофдаги кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига кириб яширинган. Полиция кетиши билан яна намойишни давом эттирган.

Полиция Каменная Горка майдонида норозиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўллади.

Москвада яшаётган беларуслар Беларус элчихонаси олдида “Узурпатор судлансин”, деган шиор остида акция ўтказдилар.