ЕИ Беларус ҳукумати вакилларига санкциялар жорий этиши мумкинлигини билдирди

Минскдаги норозилик намойиши иштирокчиси.

Европа Иттифоқи норозилик намойиши иштирокчиларига куч қўллаш, асоссиз ҳибслар ва сайлов натижаларини сохталаштириш учун масъул бўлган Беларус ҳукумати вакилларига нисбатан санкциялар жорий этиши мумкинлигини билдирди.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Борел 11 август куни берган баёнотда Беларусда 9 августда ўтган президентлик сайлови демократик тамойилларга зид бўлгани ва эркин, ҳолис, ҳалол бўлмагани таъкидланди.

Баёнотда Беларус ҳукумати норозиларга қарши ҳаддан ташқари куч ишлатаётгани, бунинг оқибатида бир одам ўлгани ва кўплаб одамлар жароҳатлангани қайд этилган.

ЕИ Беларусни барча қўлга олинганларни ҳеч қандай шартларсиз ва зудликда озод қилишга чақирди.

Баёнотда ЕИ билан Беларус ўртасидаги муносабатлар 2015 йилда яхшилангани, бироқ энди муносабатлар яна совуқлашиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Беларусда президент сайлови ғолиби амалдаги президент Александр Лукашенко бўлгани эълон қилингани ортидан 9 августда бошланиб кетган норозилик намойишлари 12 августга ўтар кечаси ҳам давом этди.

Ички ишлар вазирлиги 11 августга ўтар кечаси полиция билан содир этилган тўқнашувларда бир норози ҳалок бўлганини маълум қилди.