Қамоқхоналардаги Covid-19 вазияти маҳкумлар яқинлари ва фаолларда хавотир уйғотмоқда

Тошкентнинг Зангиота туманида қурилган янги қамоқхона.

Коронавирус тарқалгани ҳақидаги хабарлардан хавотирга тушган маҳкумларнинг яқинлари ва фаоллар қамоқхоналарга кириш ва у ердаги вазиятни ўз кўзлари билан кўришга руxсат сўраб Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармасига мурожаат қилди.

Ўзбекистон қамоқхоналарида карантин сабаб март ойи ўрталаридан маҳкумларнинг яқинлари ва фаолларга ҳар қандай кўринишдаги учрашувлар¸ мҳкумларга бирор нарса келтириш ва қамоқхонага киритиш тақиқланган.

Озодлик гаплашган маҳкумларнинг яқинлари қамоқхоналарда коронавирус тарқалгани ҳақидаги хабарлардан қўрқувга тушганини айтди.

Жазони ижро этиш Бош бошқармаси раҳбари муовини Эркин Бобоқулов 12 август куни Озодлик билан суҳбатда қамоқхоналар карантин режимига ўтказилгани сабаб учрашувлар бериш вақтинча тўхтатилгани, касаллик тарқалишига қарши чоралар кўрилаётгани ва хавотирга ўрин йўқлиги ҳақида маҳкумлар яқинларига тушунтирилаётганини айтди.

Айни пайтда Бобоқулов ҳозирга қадар коронавирусга чалинган маҳкумлар сони ҳақидаги Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.

Тошкентлик Ришида опа Чирчиқ шаҳридаги қамоқхонада жазо муддатининг бешинчи йилини ўтаётган 26 яшар ўғли билан охирги марта февраль ойида учрашган.

Унинг ўғли 2015 йилда ноқонуний диний гуруҳларга алоқадорликда айбланиб 13 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

- Зоналарда учрашув тақиқланган. У ҳам майли, хат ҳам чиқазмайди, ўтган ойдан телефонни ҳам тўхтатиб қўйди. Коронавирус ҳақида айтиб қўймасин, деб шунақа қилишётган бўлса креак-да. Чунки, мени ўғлим ётган Чирчиқдаги қамоқхонада бир қанчасида коронавирус чиқибди. Мен буни ГУИНга бориб ҳам аниқладим. "Чиқибдику, қанақа бўлади бу", десам", "Ҳа чиқди, хавотир олманг уларни бу ерда ушламайди, Чирчиқдаги сил касалликлари касалхонасига олиб ўтишяпти", деб қолди. Шунга жуда хавотирдамиз, бизни қамоқхонага киритинглар, учраштиринглар, деябмиз.

Фарзанди Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган яна бир тошкентлик аёл маҳбуслар учун озиқ-овқат, кийим-кечак ҳам қабул қилиш тўхтатилганидан хавотир билдирди.

- Агар бу ишлар коронавирус юқмаслиги учун қилинаётган бўлса кошки эди. Лекин, "буларга передача олмасангизлар иммунитети пасайиб кетмайдими", десам¸ "йўқ, карантинда бермай турасизлар" деди. Шунга мана олти ой бўляпти, қийин аҳволда қолиб кетди булар. Чунки асосан у ердагилар биз олиб келадиган передачалар ҳисобига овқатланишади, қамоқхонани овқатини еб бўлмайди. Шунга почта орқали юборишга рухсат беринглар ёки овқатини, яшаш шароитини яхшиланглар, деябмиз ГУИНдагиларга, рухсат йўқ, ҳеч нарса айтишмаяпти.

Шу ой бошида Озодлик Тошкент вилоятининг Товоқсой посёлкаси ва Олмалиқ шаҳарларидаги жазони ижро этиш муассасаларида 20 нафар ишчи ходим ва маҳкумларга коронавирус ташхиси қўйилгани, Бухородаги Қоровулбозор тергов изоляторида ҳам 70га яқин маҳкум юқумли инфекцияни юқтирганликда гумонланиб, карантинга олингани, Тоштурма эса кучайтирилган карантин тартибига ўтказилгани ҳақда хабар қилган эди.

Жазони ижро этиш Бош бошқармаси раҳбари муовини Эркин Бобоқулов 12 август куни Озодлик билан суҳбатда қамоқхоналар карантин режимига ўтказилгани сабаб учрашувлар бериш вақтинча тўхтатилгани, лекин хавотирга ўрин йўқлиги ҳақида маҳкумларнинг яқинларига тушунтирилаётганини айтди.

Айни пайтда мулозим қамоқхоналарда шу кунгача коронавирус билан боғлиқ қанча ҳолат қайд этилгани ҳақидаги Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.

- Мен бу ҳақда сизга ҳеч нарса айтолмайман, - деди Бобоқулов.

Озодликнинг бу вазият ҳақидаги аввалги саволлари ҳам мулозимлар томонидан жавобсиз қолдирилган. Айни пайтда¸ Озодликка хабар йўллаган ички ишлар тизими мулозимлари¸ коронавирусга чалинган маҳкумлар сонининг ошиб бораëтгани боис¸ улар учун махсус зона қурилишини маълум қилган эди.

Мавзуга алоқадор Қамоқда COVIDга чалинганлар сони ошиб бормоқда. Ангренда маҳкумлар учун карантин зонаси барпо этилади

Бошқарма расмий сайтида эса жазо муассасаларида коронавирус ҳолатлари қайд этилмагани, кучли карантин тартиби эълон қилингани, терговчи ва адвокатлар ҳамда маҳкумлар қариндошларининг қамоқхоналарга зиёратлари ва передачалар вақтинча тўхтатилгани айтилган.

"Қамоқхоналар мониторинг қилиниши керак!"

Швецияда яшаётган фаол, Ўзбекистонда 25 йиллик қамоқ муддатини ўтаётган Искандар Худойбергановнинг синглиси Дилобар Эркинзода коронавирус пандемияси манзарасида , халқаро ёки мамлакат ичидаги ташкилотларга қамоқхоналарни мониторинг қилиш имконияти берилиши керак, дейди.

- Яқин қариндошларимиз карантин сабабли Акам Искандар Худойберганов билан Товоқсой қамоқхонасида март ойидан бери кўришишмаган. Бир муддат маҳбусларга посилка жўнатиш ҳам тўхтатилганди. Карантин енгиллатилганда¸ бир марта жўнатиш ва телефон орқалик гаплашишга рухсат берилди. Кейин яна тўхтатилди. Бир неча ойдан бери акамдан бирорта хабар йўқ. Ҳозирда оддий аҳоли карантин сабабли оғир аҳволда қолаётганларини ҳисобга олганда, қамоқхоналарда нималар бўлаётганини тасаввур қилиш қийин. Маҳбуслар ҳақида бирорта маълумот ҳам берилмаяпти. Бундай ҳолатда қамоқхоналарга кўпроқ эътибор бериб, хукумат ўзи ёрдам беролмаган тақдирда айнан халқаро ёки мамлакат ичидаги гуманитар ташкилотларга маҳбусларга ёрдам бериш имкониятини йўлга қўйиш керак ¸ деб ўйлайман.

Тошкентдаги гуманитар ҳуқуқий марказ раҳбари Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистон Омбудсмени ва БМТ мутахассислари билан ҳамкорликда қамоқдаги маҳкумлар аҳволи, у ерда коронавирус тарқалишига қарши қай даражада чоралар кўрилаётганига амин бўлиш учун август ойи охирида баъзи қамоқхоналарни мониторинг қилишга рухсат берилишига умид қилаётганини айтди.

- Ҳозир билмаймиз қамоқхоналарда аҳвол қандай. Маҳкумларнинг яқинлари хавотирда, биз ҳам хавотирда. Шунинг учун 15 кундан кейин коронавирус тарқалган, деб гумон қилинаётган зоналар мониторингига рухсат беришади, деб умид қиляпмиз, шунга ваъда қилишган, - дейди Ғаниев.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемияси манзарасида маҳкумлар сонини қисқартириш масаласини кўриб чиқиши кераклигини айтади.

- Ҳукумат чиндан ҳам маҳкумлар коронавирус юқтирмаслиги ҳақида қайғураётган экан, бунинг йўли уларни озод қилиш. Ҳозир биринчи навбатда мониторинг гуруҳ киритилиши керак. Агар шароит ёмон бўлса, маҳкумлар уйларига қўйиб юборилиши керак.

Ўзбекистон қамоқхоналарининг собиқ маҳбуслари колонияларнинг бир зумда коронавирус ўчоғига айланиш эҳтимоли баландлигини айтади.

Хусусан¸ "Жаслиқ" қамоқхонасида 15 йил ўтириб чиққан Тошкентдаги Лок-бўёқ заводининг собиқ тижорий директори, ҳозирда Исроилда яшаётган 62 яшар Валерий Парижер шундай фикрда.

- Бир камерада 20-30 маҳбус , ҳаммаси бир хил идиш-товоқдан овқатланади. Камералар вентиляция қилинмайди. Бу эса нафақат коронавирус, бошқа касалликлар тарқалиши учун идеал шароит.

Глобал коронавирус пандемияси шароитида айрим ҳукуматлар маҳкумлар масаласига эътибор қаратиб, уларни муддатидан илгари озод этишгача борган чораларни кўрмоқда.

Коронавирус ўчоғига айланган АҚШнинг аксар штатларида ўн минглаб маҳбус вақтинча озод этилди.

Озарбайжонда ҳам ёши 65дан катта бўлганлар уйига қўйиб юборилди.

Энг қаттол режимлардан ҳисобланган Эрон ҳам коронавирус хавфи боис 90 мингга яқин маҳкумни вақтинча қамоқдан чиқарди, айримларини афв этди.