Беларусда норозиларга қарши ўқ отилди

Беларусда камида 5 минг норози қўлга олинган.

Беларус ҳукумати 9 августда ўтган президентлик сайлови натижаларига қарши чиққан норозилик намойиши иштирокчиларига ўқотар қуролдан ўқ отилганини тан олди.

Ички ишлар вазирлигининг 12 августда маълум қилишича, Брест шаҳрида норозилар полициячиларга темир тўқмоқлар билан ҳужум қилган. Шундан сўнг полиция ўқотар қуролдан ўқ отган ва оқибатда бир норози яраланган. Вазирликнинг билдиришича, дастлаб полициячилар ҳавога қарата ўқ узган.

”Аммо агрессив кайфиятдаги одамлар таҳдидни тўхтатмагани ортидан полициячилар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўқотар қуролдан ўқ узган. Оқибатда ҳужум қилганлардан бири яраланди”, -дейилади расмий маълумотда.

Беларус Ички ишлар вазирлиги норозиларга қарата ўқотар қуролдан ўқ узилгани ҳақида биринчи марта маълумот берди.

Бундан аввал уларга қарши шовқинли гранаталар ва резина ўқлар қўлланилгани билдирилган эди.

Ички ишлар вазирлиги 11 август куни Беларуснинг 25 шаҳрида Лукашенкога қарши намойишлар бўлганини билдирди. Бир кун олдин вазирлик намойишчилардан бири полиция билан тўқнашувда ҳалок бўлгани, 5 минг норози қўлга олингани ва 200 киши жароҳатланиб, касалхоналарга ётқизилганини билдирган.

Беларусда президент сайлови ғолиби амалдаги президент Александр Лукашенко бўлгани эълон қилингани ортидан 9 августда бошланиб кетган эди.

Сайловда Лукашенконинг асосий рақиби бўлган номзоднинг штаби Тихановская Марказий сайлов комиссиясига овоз бериш натижаларини тан олмаслигини билдирган.