2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон олийгоҳларида контракт миқдори ўзгартирилмаслиги эълон қилинганидан сўнг¸ ижтимоий тармоқларда талабалар ўз норозилигини ифодалашга киришди.
Телеграм тармоғида очилган ўнлаб гуруҳга қўшилган талабалар пандемия шароитида минглаб оила дуч келаётган молиявий муаммолар сабаб контракт тўлови арзонлаштирилишини талаб қилмоқда.
8 август куни Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов янги ўқув йилида талабаларнинг контракт тўлови ўзгаришсиз қолишини билдирди.
Вазир Мажидов пандемия муддатлари узайтирилиб, ўқиш онлайн тарзда давом эттирилган ҳолатда ҳам, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган талабалар ва уларнинг ота-оналари хавотирланишига ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади.
Талабаларнинг онлайн ҳаракати
Кейинги бир ҳафта давомида Телеграм ижтимоий тармоғида ўзбекистонлик талабаларнинг ўнлаб гуруҳи ташкил қилинди.
Ўн минглаб талабани бирлаштирган гуруҳларда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг контракт миқдорини ўзгартирмаслик қарорига норозилик билдирилмоқда.
Жумладан, “Ёшларни қўллаб- қувватлаш” гуруҳида эълон қилинган сўровномада қатнашган 120 мингга яқин талабанинг 91 фоизи “Янги ўқув йилида контракт миқдори арзонлаштирилиши керак”, дея овоз берган.
“Талабалар ҳаракати” гуруҳи эса “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига норозилик петициясини жойлаштиришни режаламоқда.
Ҳозирда петиция матни устида ишлаётган талабаларга кўра, улар контракт тўловлари арзонлаштирилишини сўраб, онлайн таълим билан боғлиқ муаммоларга ҳам эътибор қаратилишини истамоқда.
“Ўзбекистонда қарйиб 30 йил давомида тан олинмай келинаётган масофавий таълим шаклига ўтилиши таълим муассасаларига ва бу шаклда тажрибага эга бўлмаган педагог кадрларга кучли босим туғдирди. Ислоҳотларга қарамай ўзини ўнглаши қийин бўлаётган таълим тизимини эса бу янада абгор ҳолатда қолдирди. Онлайн дарслар хўжакўрсинга ўтказилди ( тўрт саҳифа китобни расмини тармоққа жойлаш - бу таълим эмас) холос. Шартнома пуллари миқдорининг анъанавий таълим шаклидаги миқдорида қолдирилиши эса ҳеч қайси қонун ҳужжатларида асослантирилмаган. Бу эса талабалар жамиятида кучли норозилик кайфиятини уйғотмоқда”, дейилади талабалар тайёрлаётган петиция матнида.
"Талабалар контрактни тўлашга қийналмоқда”
Жиззах Педогогика институти Тарих факультетининг 3- курс талабаси Исломбек Пўлатов ҳам талабаларнинг онлайн норозилик ҳаракатига қўшилганлардан бири.
Қашқадарё вилоят Косон туманида яшовчи 25 яшар Исломбек Пўлатов контракт тўловлари арзонлаштирилмаса, ўзи сингари молиявий имконияти чекланган талабалар оғир вазиятга тушиб қолишини айтади.
- Ҳар институтда контракт тўловлари ҳар хил. Бизнинг олийгоҳда 11 миллион 200 минг сўм. Бироқ мен стипендия олмаслигим сабабли , контрактим 6 миллион 400 минг сўм. Мен икки йил давомида контрактимнинг 70-80 фоизини ўзим топиб, тўладим. Ота-онам ажрашиб кетган. Ўқишдан кейин ишлардим. Ёзги таътилда Тошкентга бориб, қурилишда ишладим. Бозорда арава тортдим. Шу пайтгача кунимни кўриб келаётгандим. Ҳеч кимдан ёрдам сўрамаганман. Аммо ҳозир вазият бошқа. Ҳамма 5 ой давомида ишламади. Март ойида онам жигаридан операция бўлди. Анча- мунча қарзга ботиб қолдик. Менга ўхшаган талабалар жуда кўп. Талабаларнинг қатъий талаби контракт тўловларини тушириш керак, дейди 12 август куни Озодлик билан суҳбатда Исломбек Пўлатов.
Исломбек Пўлатов Озодлик орқали ҳукумат вакилларига видео мурожаат билан чиқиб, мамлакатда таълим тизимини ислоҳ қилиш лозимлигини таъкидлади ва буни эплай олмаётган мулозимлар, жумладан, Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов истеъфосини талаб қилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Пандемия сабаб контрактини тўлай олмаган талабаларга енгиллик берилсин”
Вазир Мажидовнинг 8 август куни эълон қилишича, эндиликда контрактни тўлай олмаган талаба олийгоҳдан ҳайдалмайди, балки курсдан-курсга қолдирилиши мумкин.
Талабалар Мажидовнинг бу қарорига ҳам қарши чиқиб, пандемия сабаб шартнома пулини тўлай олмаган талабаларга енгиллик берилишини сўрамоқда.
Наманган муҳандислик-технология институти ва Россиянинг Саратов техника университети ўртасидаги “қўшма таълим” факультети талабалари орасида ҳам контракт пулини тўлай олмагани сабаб курсида қолиш хавфига дуч келганлар бор. 2-курс талабаси, наманганлик 24 яшар йигит ҳам шулар қаторида.
Исмини очиқламасликни сўраган талаба Озодликка , карантин сабаб ота- онаси ишсиз қолгани боис контракт пулини тўлай олмаëтганини айтади.
“ТМО гуруҳи талабасиман. Контракт пули 15,5 миллион сўм. Мен 5 миллион сўмни 15 августгача тўламасам, курсда қоламан. Лекин қандай тўлайман. Пандемия сабаб ота- онам ишсиз. Контрактга пул йўқ. Ҳозир контракт тугул, одамлар қорнига овқат топа олмаяпти. Олдин ўқув йилида иккига бўлиб тўлаганмиз. Лекин карантин сабаб буни иложи бўлмаяпти. Бундай муаммога дуч келган курсдошларим кўп. Ёзмаган жойимиз қолмади. Эҳсон қилсин, демаяпмиз. Имтиёзли давр берсин, банкдан имтиёзли кредит ажратиб берсин”.
Талабаларни депутатлар ҳам қўллаб чиқди
Талабаларнинг онлайн норозилик ҳаракатлари авж олаётган бир пайтда айрим депутатлар ҳам талабалар ҳимоясига чиқди.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмахаматова контракт тўловларини камайтириш ёки карантин ўтгунга қадар имтиёзли вақт бериш таклифини илгари сурди.
“Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари ОТМда тўланадиган контракт-тўловларидан озод қилинса, бу уларга берилган катта ишонч ва имконият бўларди. Икки ёки ундан ортиқ фарзандлари тўлов - контракт асосида ўқиётган оилаларимиз бор. Худди шундай оила фарзандлари учун ҳам контракт тўловларига чегирмалар қилиб берилса, қанчадан-қанча оилаларнинг мушкули осон бўларди. Ёки фарзанди супер-контрактда таҳсил олаётган ва бугунги кунда пандемия туфайли даромадидан айрилган оилаларга кўмак ва имтиёзлар жорий этилса, халқимизнинг оғири енгил бўлиб, эркин нафас оларди”.
Аввалроқ депутат Фаррух Абдуҳамидов ҳам ОТМларда контракт таътиллари бериш таклифи билан чиққанди.
Норозиликка сабаб бўлган вазир баёноти
8 август куни АОКАда бўлиб ўтган йиғилишда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов 2020-2021 ўқув йилида талабаларнинг контракт тўлови ўзгаришсиз қолишини билдирди.
“Олий ўқув юртлари бу йили контракт миқдорини ўзгартирмайди. Камайтирмайдиям, кўпайтирмайдиям. Камайтирмаслигининг сабаби, ўзи ҳозирги харажат 9 миллион сўмдан сал ошиқ бўлса, бизда 80% талабалар тўлайдиган контракт 6 миллион 400 минг сўм, яъни ўзи “минусда”. Камайтириш мумкинми? Мумкин. Лекин уни қоплаш керак. Камайтириш эмас, балки қоплаш, ниманинг ҳисобидан қоплаш ҳақида гапириш керак”, деди Мажидов
Мавзуга алоқадор Талабанинг контракт тўлови миқдори ўзгармайдиВазир Мажидов пандемия муддатлари узайтирилиб, ўқиш онлайн тарзда давом эттирилган ҳолатда ҳам, контракт асосида ўқийдиган талабалар хавотирланишига ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади:
“Ҳамма ҳам контракт ҳам тўламайдиган даражада эмас, шунинг учун ҳаммага бир хил ечим қилиб бўлмайди. Агар талабанинг вазияти оғир бўлса, талабанинг қурби тўлашга етмаса, олий ўқув юрти вазиятни ўрганиб чиқиб, шу талабага ёрдам бериб, контрактни қоплаш чораси кўрилади”.
Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг Озодлик 12 август куни боғланган мулозими вазирлик талабаларнинг онлайн ҳаракатларидан хабардорлигини билдирди.
“Интернетда талабалар қилаётган ишдан вазирлик хабардор. Улар контракт пулини камайтиришни талаб қилишмоқда. Вазирлик пандемия сабаб талабаларга қийин бўлмаслик йўлларини излаяпти. Контрактни тўлай олмаса, ўқишдан ҳайдамаймиз, курсда қолдирамиз. Агар талаба имконияти йўқ бўлса, ўқийдиган олийгоҳининг раҳбариятига чиқсин. Вазиримиз буни қаътий таъкидлаган, керак бўлса, ҳар бир ректор молиявий муаммоси бор талаба билан гаплашиши шарт. Лекин ҳозирча контрактни камайтириш масаласи йўқ”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган вазирлик мулозими.