Фарғона шаҳри ва Сўх тумани ўртасида йўловчи ташувчи самолёт ва вертолётлар қатнайди. Бу ҳақда 12 август куни Фарғона вилояти Сўх туманига борган бош вазир Абдулла Арипов туман фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Ариповнинг билдиришича, Сўх туманидаги “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бир ой ичида кичик аэропорт ташкил этилади. Бу ердан Humo Air авиакомпаниясининг “Ан-2” самолёти ҳамда Uzbekistan Helicopters компаниясига қарашли “Ми-8” вертолёти ҳар куни 2 марта Фарғонага ва Сўхга парвоз қилади.
“Ан-2” самолёти 12 нафар йўловчи сиғимига, “Ми-8” вертолёти 16 нафардан 20 нафаргача йўловчи сиғимига эга. Йўловчилар 35—40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади.
Хабарда айтилишича, талабга қараб кейинчалик рейслар сони ҳам кўпайтирилади.
Ўзбекистонга қарашли Сўх тумани Қирғизистон ҳудудидаги эксклав бўлиб ҳисобланади.
2013 йили қирғиз-ўзбек чегарасидаги можародан кейин Сўх-Риштон йўли ёпиб қўйилган. 2019 йилда бу йўл 2 кунга очилиб, кейин яна ёпилган.
Жорий йилнинг май ойи охирида Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Чечме қишлоғи аҳли ўртасида булоқ суви талашидан жанжал келиб чиққан эди.
Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлгани расман билдирилган.