Ўзбекистон Бош прокуратураси 13 август куни Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олинганлиги юзасидан маълумот берди.
“Ўзбекистон Республикасининг сўровига асосан, 22.01.1993 йилдаги “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Минск Конвенциясига мувофиқ, Б.Абдуллаев Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Ҳозирги кунда унинг Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниши масаласи ҳал қилинмоқда”,-дейилади расмий билдирувда.
Бобомурод Абдуллаев қўлга олинганидан беш кун ўтиб тарқатилган бу расмий хабарда журналистга қандай айблар қўйилаётгани ёки қандай жиноятларда гумонланаётгани тўғрисида бирорта маълумот берилмаган.
Журналист Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган эди.
Бобомурод Абдуллаевнинг Бишкекда ҳибсга олингани хабари чиқиши ортидан бир гуруҳ нуфузли халқаро ташкилотлар қирғиз ҳукуматига мурожаат қилиб¸ уни зудлик билан озод этишни сўради.
Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now ва Norwegian Helsinki Committee (NHC) гуруҳларининг қўшма баëнотида Абдуллаевга қўйилаëтган айбларнинг “уюштирилан”и¸ у Ўзбекистонга экстрадиция қилинган тақдирда уни қийноқ ва 20 йилгача қамоқ жазоси кутаëтгани айтилган.