Тожикистоннинг Сўғд вилоят ҳокимияти сўнгги бир ойда коронавирусга чалинганлар сони камида икки баробарга кўпайганини билдирди.
Коронавирусга қарши вилоят штабининг 12 августдаги йиғилишида қайд этилишича, аввалги ойларда касалхоналарга COVID-19 ташҳиси билан кунига бир-икки киши мурожаат қилган бўлса, ҳозирда кунига 8-9 кишидан вирус топилмоқда.
3 август куни Хўжанд шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати сўнгги ўн кун ичида пневмония билан касалланганлар сони кўпайгани кузатилганини билдирган эди.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, мамлакатда кунига камида 40 кишида вирус аниқланмоқда. Бироқ коронавирус статистикаси вилоятлар кесимида эълон қилинмаяпти.
Расмий маълумотларга қараганда, бугунги кунда Тожикистонда 7871 киши коронавирусга чалинган. Уларнинг 63 нафари вафот этган.