Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг болалар фонди- UNICEF 13 августда эълон қилган ҳисоботда дунё давлатларида 820 миллионга яқин бола мактабларда қўл ювиш учун зарур бўлган воситаларга эга эмаслиги ва бунинг оқибатида улар COVID-19 ҳамда бошқа юқумли касалликларга чалиниши эҳтимоли кучли экани таъкидланди.
БМТнинг билдиришича, COVID-19 таълим соҳасини мисли кўрилмаган даражада инқирозга учратди. Жаҳоннинг 190 давлатида 1 миллиард 600 минг ўқувчи ва талаба тўлақонли билим олиш имкониятидан вақтинча маҳрум бўлди.
Тадқиқотда қайд этилишича, ўтган йили жаҳондаги мактабларнинг 43 фоизида ўқувчилар қўл ювиш учун сув ва совунга эга бўлмаган.
Мактабда қўл ювиш имкониятига эга бўлмаган 818 миллион боланининг учдан бир қисми африка давлатларида яшайди.
Жаҳоннинг 60 мамлакатида коронавирус пандемияси таҳдиди пайдо бўлган пайтда ўқувчилар мактабда сув таъминоти ва совунга эга бўлмаган.
Ҳисоботда жаҳон давлатлари ҳукуматларига болаларни мактабларда COVID-19 вирусидан ҳимоя қилиш учун зудликда ўнта зарур чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия қилинган.