Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров триатлон федерацияси ва Аралаш жанг санъати ассоциацияси - ММА президенти лавозимларидан истеъфо берди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг билдиришича, 14 август куни мазкур федерациялар қўшма йиғилишида Отабек Умаровнинг ўз ваколатларини муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилди.
“Мамлакатимиз, бутун халқимиз дунёни ларзага келтирган куч билан тўқнаш келди. Кўриниб турибдики, мавжуд қийинчиликларни енгиш учун ҳар биримиздан катта куч ва ғайрат талаб қилинади. Бундай вазиятда мен давлат хизматини бажариш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар мутлақо янги ҳарактерга эга ва мисли кўрилмаган жавобгарлик даражасига кўтарилганини биламан. Бу менга спорт ташкилотларидаги лавозимимни тарк этишдан бошқа имконият қолдирмайди”, -деб изоҳлаган ўз қарорини Отабек Умаров.
У 2019 йилнинг март ойидан Триатлон федерацияси, 2019 йил ноябрь ойидан Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти лавозимини эгалаб келаётган эди.
Айни пайтда Отабек Умаров ММАнинг Марказий Осиё конфедерацияси раҳбари лавозимидаги фаолиятини давом эттиради.
Йиғилиш давомида триатлон федерацияси раислигига Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши Котиби Виктор Маҳмудов, ММА ассоциацияси раислигига эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Баҳодир Курбановлар бир овоздан сайланишди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви бўлган Отабек Умаров, бир вақтнинг ўзида, Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари лавозимида ҳам ишлаб келади.