Беларусдаги ўнлаб йирик заводларнинг ишчилари 14 август куни президент сайловида Александр Лукашенко расман ғолиб деб эълон қилинганига қарши қисқа муддатли забастовкалар ўтказдилар ва норозилик намойиши иштирокчиларига қўшилдилар.
Беларус матбуоти ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг билдиришларича, 14 август куни норозилик митинглари Беларус металлургия заводи, Беларус автомобиль заводи (БелАЗ), Минск электротехника заводи, МАЗ, Минск трактор заводи (МТЗ), "Белшина", "Гродно Азот", "Гродножилстрой", "Нафтан", "Беларуськалий", "Полимир" каби 20дан ортиқ йирик корхоналарда бўлиб ўтган.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда заводларнинг ишчилари норозилик намойишлари иштирокчиларига нисбатан куч ишлатилганини танқид қилиб, президент Александр Лукашенкони истеъфога беришга чақирганлар.
Беларус президенти Александр Лукашенко заводлардаги забастовкалар ва норозилик митингларини шарҳлар экан:
“Номаълум кучлар меҳнат жамоаларини жунбушга келтираётгани”ни иддао қилди. Унга кўра, завод ишчиларининг бу каби чиқишлари корхонага ва ишчиларнинг ўзларига зарар келтиради.
Беларусда 9 август куни ўтган сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олиб ғолиб бўлгани расман эълон қилингани ортидан бошланган норозилик намойишлари 5 кундан бери давом этмоқда.
Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская овоз бериш натижаларини тан олмаган ва ўзи ғолиб бўлганини билдирган.
Тихановская бир неча кун Беларсуни тарк этган. Ҳозирда унинг Литвада экани хабар қилинган.