Таниқли беларус футболчиси Илья Шкурин президент Александр Лукашенко истеъфо бермагунича миллий терма жамоа таркибида майдонга тушмаслигини маълум қилди.
Шкурин Москванинг ЦСКА жамоаси таркибида тўп суради. У Беларус миллий терма жамоасининг етакчи футболчиларидан саналади.
Шкурин вакили Валерий Исаев Sport24 нашрига футболчининг "Инстаграм"даги баёноти ҳақиқийлигини тасдиқлаган.
Айни пайтда Беларусда намойишларнинг еттинчи куни, минглаб одам кўчага чиқди, хавфсизлик кучлари уларга қаршилик кўрсатмаяпти.
Сўнгги икки кун ичида мамлакатдаги кўплаб завод ва корхоналар ишчилари ҳам намойишчиларга қўшилди.
Улар орасида "БелАз" ва "МАЗ" заводлари ишчилари ҳам бор.
Беларусда 1994 йилдан буён иқтидорда қолаётган Александр Лукашенко президентлик сайловида ғолиб чиққани эълон қилинганидан кейин бошланиб кетган норозилик намойишларида шу кунга қадар камида икки киши ҳалок бўлди, минглаб одам турли кўринишда жароҳат олди.