Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг маълум қилишича, шу йилнинг 7 ойида 12 мингдан ортиқ маст ҳайдовчи ушланган.
ЎзА агентлигига берган интервьюсида вазир, йўлларда содир бўлган ҳалокатларда ўлган одамлар сони қотиллик қурбонлари сонидан 5 баробар кўплигини билдирди.
Расмий баёнотга кўра, охирги 7 ойда 87 мингдан ортиқ пиёда йўл қоидаларини бузган, 17 мингга яқин ҳайдовчи машина бошқараётганда уяли телефондан фойдаланган.
Шунингдек, вазир бу муддат ичида, фуқаролар билан мулоқотда қўпол камчиликка йўл қўйган 142 ходим ишдан бўшатилганини маълум қилди.
Вазирга кўра, Йўл-патруль хизмати ходимларининг "кўпчилик қисми ўрта махсус маълумотга эга"дир. "
Уларни босқичма-босқич олий маълумотлилар билан алмаштириш ҳам кўзда тутилган", дейди Пўлат Бобожонов агентликка берган интервьюсида.
Ўзбекистонда март ўртасида жорий этилган карантин режими ҳануз давом этмоқда. Мамлакатда аҳоли қатнови ва жамоат ҳамда шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланиш чекланган, маълум муддат қатор ҳудудларда мутлақ чекланди.
Шунга қарамай, маст ҳолда машина ҳайдаган ёки йўл ҳаракати тартибини бузган фуқаролар сонига оид статистика аввалгига нисбатан кескин ортиб кетгани сабабларига ИИВ вазири тўхталмади.