Сурхондарё ҳокими тузалди, Бухоро ва Навоий ҳокимлари ҳамон коронавирусдан даволанмоқда

Тўра Боболовни ўз мулозимлари аэропортда қарши олди, 16 август, 2020

Коронавирусни юқтириб олган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов тузалиб, Тошкентдан ўз вилоятига қайтди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳокимни Термиз аэропортида вилоят мулозимлари қарши олган ва ўша ердаёқ ҳоким йиғилиш ўтказган.

"Т. Боболов Термиз халқаро аэропортида вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар билан мулоқот ўтказиб, воҳада олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, коронавирус пандемиясини жиловлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда бошқа зарур масалалар ҳусусида атрофлича фикр алмашди. Вилоят ҳокими янги ғоялар билан ўз вазифасини бажаришга киришди", деб хабар қилди матбуот хизмати.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сурхондарё вилояти ҳокимининг коронавирусга чалинганини 18 июль куни тасдиқлаган ва унинг Тошкентда даволанаётганини билдирган эди.

Ижтимоий тармоқларда Боболовнинг вафот этгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалган, ҳокимнинг ўзи буни рад этганди.

Ҳозирда, яна иккита вилоят - Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов ва Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов коронавирусдан даволанмоқда.

Бундан ташқари, давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков ва бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев ҳам COVID-19 инфекциясига чалингани ва даволанаётгани расман маълум қилинган.

Коронавирусга чалинган яна бир юқори даражадаги раҳбар - Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов эса 31 июль куни вафот этди.