Қозоғистон собиқ президентининг наркотик моддалар истеъмол қилиши айтилган 29 ёшли набираси Айсултан Назарбоев Лондонда вафот этди.
Қозоғистон парламентининг собиқ спикери Дариға Назарбоева ўзи раҳбарлик қилаётган Нурсултон Назарбоев жамғармаси сайтида: “Оилам севимли Айсултаннинг ўлими муносабати билан чуқур қайғуда”, — деб ёзди 16 август куни.
Айсултан Назарбоев бир вақтлар Қозоғистон футбол федерацияси вице-президенти бўлган. Сўнгги пайтларда у Қозоғистон раҳбариятини танқид қилиб келаётгани учун матбуот назарига тушганди.
2019 йилнинг октябрида Британия суди уни Лондонда полициячига ҳужум қилгани учун шартли равишда озодликдан маҳрум қилган эди. Жорий йил февралида у Британиядан сиёсий бошпана сўраганди.
Айсултан Назарбоев Дариға Назарбоева ва 2015 йилда Австрия қамоқхонасида қотилликда айбланиб сақланаётган пайтда вафот этган Рахат Алиевларнинг иккинчи ўғлидир.
Ўзининг наркоман эканини очиқ тан олган Айсултан Назарбоев расман юрак ҳуружидан вафот этгани хабар қилинди.