Беларус президенти Александр Лукашенко 17 август куни вертолётда Минскдаги ғилдиракли шатакчилар ишлаб чиқариш заводига борди. Бир ҳафта олдин Лукашенкога қарши норозилик намойишига қўшилган завод ишчилари президентни “Уходи” (“Кет”) деган ҳайқириқлар билан кутиб олди.
Лукашенко ишчилар олдида нутқ сўзлар экан: “Сизлар адолатсиз сайлов бўлганини айтяпсизлар. Адолатли сайлов ўтказишни истайсизми? Бу саволга жавоб бераман. Биз сайловни ўтказдик. Мени ўлдирмагунингизча, қайта сайлов ўтказилмайди”, - деб баёнот берди.
Лукашенко завод ишчиларининг бир қисми олдида нутқ сўзлади. Ишчиларнинг асосий кўпчилигини эса учрашувга киритишмади.
Ишчилар Лукашенко нутқ сўзлаётганда унинг гапларини ҳуштак чалиб, бўлиб қўйдилар. Лукашенко “Уходи” деб қичқираётган ишчиларга қараб, “Яна бир оз бақириб олишингиз мумкин”, деди.
Лукашенко 26 йилдан бери ҳокимиятда эканини ва ўз вақти келганида уни бошқа бир одамга топширишини таъкидлади. Аммо у бунинг учун Конституцияга ўзгартириш кераклигини, норозилик намойишлари уни истеъфога чиқишга мажбур қила олмаслигини билдирди.