Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россия билан АЭС қуриш шартномасини имзолашга ҳозирча тайёр эмаслигини билдирди.
Рodrobno.uz нашрига 17 август куни берган интервьюсида Шерзод Хўжаев: “Бизга контрактни тайёрлаш ва бизни бу шартлар қаноатлантиради, деб айтиш учун бир оз кўпроқ вақт керак. Бир томондан бу ёмон, чунки жараён бир оз чўзлиб кетади. Бошқа томондан олганда, музокараларнинг ҳар бир раундидан кейин ўзбек томонининг имкониятлари кенгаймоқда”, -деб айтди.
Вазир ўринбосарига кўра, айни пайтда Ўзбекистон ва Россия АЭС лойиҳасининг барча параметрларини ҳар томонлама муҳокама қилмоқда.
2018 йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар.
2019 йилнинг 3 сентябрида Тошкентга келган “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв атом электр станциясини қуриш ишлари 2020 йилнинг бошидан бошланиши ҳақида эълон қилган эди.
Бироқ ТАСС қурилиш ишларини 2022 йилдан бошлаш режалаштирилаётгани маълум қилган эди.
Айни пайтда Россиянинг «Атомстройэкспорт» ширкати Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича муҳандислик-қидирув ишларининг иккинчи босқичини олиб бормоқда.